ЦЕЛИАКИЯ НИМА?

Целиакия нима? Оналар бу касаллик хақида нималар билишади? Фарзандингизда целиакия белгилари йуқлигига аминмисиз? Нима қилиш керак? Кимга мурожаат қилиш керак? Қандай даволаш керак?

Целиакия ёки глютен энтеропатияси касаллигининг клиник кўринишини биринчи марта бундан 100 йил аввал Самуэл Джи томонидан илмий ёритиб берилган. Биринчи марта бу касаллик бўй ўсишининг ортда қолиши, ич кетиши ва овқатланишни бузилиши синдроми билан кечишини аниқлаб берган. Шунга қарамай шу кунгача бу касалликнинг хайратланарли яширин клиник белгилари ва глютенсиз даволашнинг драматик натижалари ҳақида кўплаб илмий мақолалар чоп этилиши давом этмоқда. Бу касалликни тарқалганлиги бизнинг худудимизда эрта ва мактаб ёшигача бўлган болаларнинг 1:366, Европа давлатларида  тахминан 1:300, 1:500 ташкил этади, бу касаллик энг кўп Италияда тарқалган 1:198.

Целиакиянинг худудимизда кўп бўлмасада, лекин борлиги бизни жуда безовта қилади. Бу касаллик бирламчи сўрилишнинг бузилиши ва иммун касалликларнинг классик модели ҳисобланади.

Целиакия инфекцион характерга эга бўлувчи ўткир диареядан фарқли ўлароқ, узоқ давом этувчи диарея кўп ҳолларда ноинфекцион факторларга яъни озиқ овқат маҳсулотларини хазм қилмаслик ва ичакларда сўрилишни бузилиши билан боғлиқ  бўлади.

Бошоқли ўсимликлар донларини ҳазм қила олмаслик овқат ҳазм қила олмасликни кўп учрайдиган шаклларидан биридир. Инсоният фойдаланадиган кўп сонли бошоқли ўсимликлардан 5 тасида, организмида кучли сезувчанлиги бўлган инсонлар ингичка ичак шиллиқ қаватига захарли таъсир қилувчи глютен ва унга ўхшаш оқсиллар бор. Булар таркибидаги оқсил моддаси – Целиакия номли огир касалликни келтириб чиқариши хоссасига эга бўлган буғдой, жавдар, сули, тариқ ва арпадир.

Целиакия – ингичка ичак шиллиқ қаватини  бошоқли донлар оқсили глиадин таъсирида зарарланиши натижасида келиб чиқувчи, туғма, кўп белгили ва кучайиб борувчи хасталикдир. У ингичка ичак шиллиқ қавати зарарланган қисмида овқат сўрилишини бузилиши билан кечади. Клиник кўринишда кўп миқдорда ичининг суюқ кетиши ва ичакда сўрилишни бузилишини оғир синдромини келтириб чиқарувчи стеоторея устунлик қилади. Целиакия кеч аниқланади, бу болаларда, айниқса 3 ёшгача бўлган болаларда морфологик ва инструментал текширишларни ўтказиш муайян қийинчиликларига, касалликни атипик кечишига, ичакдан ташқари белгиларни содир бўлиш даражасига боғлиқдир. Касаликни кеч аниқланиши натижасида, организмда бемор ҳаётига хавф солувчи оғир метаболик бузилишлар содир бўлади. Болага қўйилган целиакия ташхиси уни ногирон эканлигини билдиради. Шу сабабли эрта ташхис қўйилиши жуда хам мухимдир, чунки касалликни зўрайиб бориши ногиронликга олиб боришдан ташқари ичакда хатарли ўсмалар пайдо бўлиш хавфини оширади ва натижада болалар ўлими ошишига олиб келади.

Бошоқли экинлар глютен оқсили таъсирида ингичка ичак шиллиқ қавати юпқалашади, ичак сўрғичлари яссиланиб кетади. Бу ичак сўрувчи юзасини кескин қисқартиради, натижада барча озиқ моддаларни айниқса ёғларни сўрилишини бузилишига олиб келади. Касалликнинг «классик» шакли клиник жиҳатидан 4-8 ҳафтадан кейин ўзини намоён қилади. Кўпинча манний бўтқаси ёки геркулес қайнатмаси, печенье, нон мана шундай белгиларни беради. Кўпинча касаллик бола ҳаётини иккинчи йилида бошланади, (бази ҳолларда генетик дефектларни юзага чиқишига имкон туғдирувчи омиллар таъсирида ундан хам кеч бошланади ичак инфекциялари ёки бошқа ўткир касалликлар, рухий-ҳаяжонли ҳолатлар ва бошкалар).

КЛИНИК КЎРИНИШИ

Целиакия кўп миқдорда бўтқасимон ёки суюқ ҳолда, бадбўй, юзаси ялтироқ (ёғли)  ахлат келиши характерли. Орадан бир қанча вақт ўтгач бемор вазнига вазн қўшилиши тўхтайди, қорни катталашади, мускул тўқимаси камаяди, бемор озиб-тўзиб (ориқлаб) кетади. Бази холларда   ёғни йўғон ичакга таъсири натижасида қабзият юзага келади ва бунда тўғри ичакнинг тушиши кузатилади, иштаҳани пасайиши, кўтарилиши, ёки бутунлай йўқолиши кузатилади. Ёшга нисбатан оғирлиги  ва бўйини ўсиши ортда қолади. Баъзи беморларда ёндош овкат аллергияси кўриниши – атопик дерматит  кўзга ташланади. Касаллик жараёнини кучайиб бориши билан бирга калций-фосфор етишмовчилиги намоён бўлади: жисмоний харакатда ёки тинч турган пайтда суякларида оғриқ, суякларини салга синиши, тиш эмалини зарарланиши, тишлар кариеси, калций етишмовчилиги тиришишлари. Болалар жахлдор, тажовузкор бўлиб қолишади. Юқорида қайд қилинган асосий белгилардан ташқари беморларда умумий белгилар- витамин-минерал ва оксил етишмовчилиги кузатилади: тез-тез шамоллаш (ОРВИ), мушак тўқимаси дармонсизлиги, сезувчанликни пасайиши ва йўколиши, тетаниягача бўлган мускул тиришиши, хушдан кетиш, сочларини тўкилиши, тирноқларини дистрофик ўзгариши ва синувчан бўлиб қолиши, суякларида оғриқ, суякларининг қийшайиши, жисмоний ривожланишдан ортда қолиш, кон кетишни кучайиши –кичик-кичик қон қуйилишидан  бурундан қон кетишгача, кечаси кўришни ёмонлашиши, фолекуляр гиперкератоз, овоз пайларини шамоллаши, тез-тез қайталовчи стоматитлар, оқсилсиз шишлар.

Целиакияни кечишида зўриқиш ва ремиссия даврларини алмашиб туриши хосдир. Ремиссия даври бир неча ўн йиллар давом этиши мумкин. Касалликни қайталаниши янги-янги орган ва системаларнинг жарохатланиши билан бирга кечади. Ўз вақтида  шифокорга қилинган мурожаат ва ташхисни аниклаш, зарур даво муолажаларини ўтказилиши бемор хаётини саклабгина қолмасдан кўпчиликда иш қобилиятини хам тиклайди. Кўп ҳолларда беморлар  инфекцион касалхоналарда самараси булмасада узоқ вақт антибактериал препаратлар билан даволанадилар. Бу эса касалликнинг янада давом этишига ва чуқурроқ метаболик ўзгаришларга олиб келади.

ОТА-ОНАЛАР НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШЛАРИ КЕРАК?

Касалликни эрта аниклаш мақсадида биз ота-оналарга қуйидаги асосий ва қўшимча белгиларга этибор беришларини тавсия қиламиз.

АСОСИЙ БЕЛГИЛАР:

  • кунига икки ва ундан ортиқ марта, кўп миқдорда, қўланса хидли,     ялтироқ рангли ахлат келиши;
  • тана оғирлиги ва бўй ўсишини ортда қолиши;
  • қорин айланаси ўлчамини ошиши;
  • қоринда оғриқ бўлиши;
  • қусиш, баъзи-баъзидан бўлишидан то хар куни қайталанишгача;
  • иштахасининг пасайиши ёки кўтарилиши;
  • суякларида оғрик, тишлар кариеси, суякларини синувчанлиги, рахит белгиларининг яққол кўриниши;
  • жахлдорлик ва тажовузкорлик;
  • бехаловат уйқу;
  • аллергик дерматит

ҚЎШИМЧА БЕЛГИЛАР:

  • тез-тез шамоллаш (ОРВИ), 1 йилда 3 мартадан ортиқ;
  • тўғри ичакни тушиши;
  • мушаклар дармонсизлиги;
  • қайталанувчи мушаклар тиришиши;
  • қайталанувчи уйишишлар;
  • бурундан тез-тез қон кетиши;
  • кечаси кўришни ёмонлашуви;
  • терида қичишиш пайдо бўлиши;
  • қайталанувчи стоматитлар;
  • қўл ва оёқларида оқсилсиз шишлар;

Болаларида 3 та асосий белги ёки 2 та асосий белги ва 2 та ва ундан ортиқ қўшимча белгиларни қўшилиб келишини сезсалар дархол махаллий педиатр ёки гастроэнтеролог шифокорга мурожат қилишлари шарт, чунки бу белгилар целиакияга шубха килувчи белгилардир.

ЦЕЛИАКИЯСИ БОР БОЛАЛАРНИ ҚАНДАЙ ДАВОЛАШ КЕРАК?

Целиакияни даволаш бемор овқатидан глютен ва таркибида глютен бор махсулотларни олиб ташлашдан иборатдир. Нон ва нон махсулотлари, сули, тариқ, арпа бўтқалари ман этилади, уларни ўрнига гуруч, макка, маржумак (гречка) ишлатилади. Эсда тутиш кераки томатли балиқ консервалари, қайнатилган колбаса ва бошқа овқат махсулотлари таркибида ун бўлади, бу эса беморларга зарарли хисобланади. Хатто 1 суткага 200-250 мг глютен исътемол қилиш хам ичак сўрилишини бузилишига олиб келиши учун етарли бўлади!

Целиакияси бор кичик ёшдаги болаларда хам    глютен овқа рационидан олиб ташланади, уни ўрнига гидролизатлар, глютенсиз-сутсиз бўтқалар, глютенсиз нонушталар, гўшт, парранда гўшти, мева ва сабзавотлар асосидаги болалар диетик консервалари ишлатилади.даволашни бошида бу болалар овқатидан сигир сутини олиб ташлаган маъқулдир.

Глютенсиз сутли буткалар:

Глютенсиз тайёр нонушталар: маккали, гуручли бодроқлар, қаламчалар, нонлар.

Целиакия бир умрли касаллик эканлигини ота-оналар доимо ёдда тутишлари мухимдир. Кўпчилик ота-оналар нонсиз диетани иккиланиб қабул қиладилар, уларни фикрича болани нонсиз овқатланиши хеч хам мумкин эмас. Улар доимо тушунишлари керак: бошқа болалар учун фойда бўлган нон уларни болалари учун захардир.

Даволаш бошлангандан бир неча ой ўтиб болалар тўлик соғлом бўлишади, ичакда сўрилиш тикланади. Худди мана шу вактда болага таъкикланган печене ёки тешик кулча  бериш хохиши пайдо бўлади, гўёки бу хеч қандай нохуш холатга олиб келмайди. Албатта амалда бу ич бузилишини олиб келмайди, аммо глютенга қарши антителолар миқдори ошади, ва ичакда яна шиллиқ қават атрофияси юз беради. Агар бола хаётини биринчи йилида глютен исътемол қилмаган бўлса, келажакда унда нонга бўлган эхтиёж сезилмайди, диетик чеклашлар уни қийнамайди.

Хурматли онажонлар! Гўдагингиздан кўкрак сутини аяманг! Узоқ вақт она сути эмизилганда касалликнинг эрта пайдо бўлишини олди олинади.

Шундай қилиб, целиакия тиббиётни катта ва мухим муаммоларидан бири бўлиб колмоқда. Биз умид қиламизки ота-оналарни ўз вақтида махаллий педиатрларга мурожаат қилишлари натижасида, педиатрлар, гастроэнтерологлар, инфекционистлар ва бошқа врачларни биргаликда харакатлари натижасида целиакияни кўп саволлари ўз ечимини топади.

Ўзбекистон Республикаси ССВ РИПИАТМ гастроэнтерология бўлимида 1988 йилдан буён целиакияни ташхислаш, даволаш, реабилитация муаммолари билан шуғулланиб келади ва целиакия билан касалланган беморларга тиббий маслахат ёрдами кўрсатишга доимо тайёр.