ССВ: Чироқчидаги сайёр қабул
ПРОСМОТРОВ: 351ССВ: Чироқчидаги сайёр қабул сўнгги бемор даволашга йўналтирилгунга қадар давом этади
Бугун Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида белгиланган 7 та муҳим йўналишдаги вазифалар ижроси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайёр қабуллари бўлиб ўтмоқда.
Қарши шаҳридан йўлга чиққан махсус жиҳозланган мобиль поликлиникалар, маммограф, флюрография ва лаборатория ускуналари ўрнатилган автомашиналар ҳамда тор ихтисосликдаги мутахассислардан иборат тиббиёт карвони туман марказига етиб келди.
Қашқадарё вилоятида бошланган соғломлаштириш акцияси доирасидаги ушбу тадбирда вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислардан иборат махсус гуруҳлар фуқароларни қабул қилишга киришди.
Мамлакатимизнинг энг йирик туманларидан бўлган Чироқчида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича муаммолар талайгина. Янги Кўкдала тумани ташкил этилиши шу каби қатор масалаларни ҳал этиш учун ҳудуд иккига ажратилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳолига енгиллик яратиш мақсадида ҳар икки ҳудудда алоҳида-алоҳида сайёр қабул ўтказилиши режалаштирилган.
Маҳаллий ҳокимлик вакиллари, бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари, маҳалла фаоллари ва ҳоким ёрдамчилари кўмагида ҳар бир хонадонга кириб борилди ва уларни сайёр қабулга жалб қилиш чоралари кўрилди.
Яхши хабар тез тарқалади. Соғлигида муаммоси бор аҳоли вакиллари қабул пунктига кела бошлашди. Бу ерда ҳар бир фуқаро тиббий рўйхатга олиниб, тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилмоқда.
Мурожаатчилар тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, юқори технологик амалиётлар талаб этиладиган беморларга шу ернинг ўзида ордер расмийлаштириляпти.
Сайёр қабул тумандаги барча тиббий ёрдамга муҳтож беморларни қамраб олиб, уларни давога йўналтириш тўлиқ амалга ошгунига қадар давом этади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Чироқчи туманида 54 та маҳалла ва 10 та бирламчи тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Янги ташкил этилаётган Кўкдала ҳудудида эса 42 та маҳалла ва 11 та бирламчи тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатяпти.
Сайёр қабул давомида тиббий ёрдамга эҳтиёжи бўлган беморларни даволаш жараёнига йўналтириш билан бирга, туман тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, дори-дармон, даволаш ва кадрлар бўйича барча муаммолари ҳам ҳал этилиши кутилмоқда.
Айни пайтда пойтахтдан келган 150 нафардан ортиқ мутахассис гуруҳлар кесимида вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жумладан, касалликлар профилактикаси бўйича “Соғлом турмуш мактаби”, “Эндокринологлар мактаби”, “Кардиологлар мактаби” каби тарғибот тадбирлари ўтказиляпти.
Шу кунларда оғир касалликка чалинган, юқори технологик жарроҳлик муолажасига муҳтож қашқадарёлик беморларда давлат ҳисобидан операциялар ҳам бошлаб юборилган. Бу амалиётлар республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан борган етакчи шифокорлар бошчилигида бажариляпти.
Хусусан, сўнгги икки кунда Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази каби қатор муассасаларда ўнлаб ана шундай мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди.
Шунингдек, янги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктлари ташкил этиш, зарур ҳудудларда контейнер шаклидаги тиббий пунктлар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ижроси бўйича худди шундай тадбирлар Наманган вилоятида ҳам ўтказилмоқда.
Сайёр қабул якунида Чироқчи тумани бўйича ўрганишлар таҳлил қилиниб, бу тажриба натижадорлигига кўра, бутун республикага татбиқ қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.