РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ПЕДИАТРИЯ
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА
МУРОЖААТИ
Азиз юртдошлар!
Ҳурматли ота-оналар ва болажонлар!
Барчамиз Муҳтарам Президентимизнинг тиббиётга бўлган алоҳида эътиборлари ҳамда уларнинг ташаббуслари билан амалга оширилаётган ишларнинг ижобий томонларини гувоҳи бўляпмиз.
Хусусан, Президентимиз раҳнамолиги ва шахсан иштироки остида соғлиқни сақлаш тизимини изчил ислоҳ қилиш натижасида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг “Соғлом она – соғлом бола” тамойилига асосланган ўзига хос тизими шакллантирилди.
Сўнгги 5 йилда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан педиатрия хизмати тизимини янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 та фармон ва қарорлари ҳамда ривожлантириш дастурлари қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда.
Ушбу давр давомида, барча ҳудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, туман тиббиёт бирлашмалари таркибидаги болалар бўлимлари таъмирланди ва реконструкция ишлари олиб борилди, республика ва вилоят болалар шифохоналари 27,4 млн. евро қийматидаги замонавий даволаш-диагностика ускуналари билан жиҳозланди.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт маркази ва унинг барча вилоят филиаллари реанимацион, каминвазив лопароскопик ускуналар, рентген, ультратовуш ва радиологик диагностика жиҳозлари, оториноларингологик комбайн, автоматик клинико-биокимёвий анализаторлар ва шу каби 50 турдан ортиқ замонавий диагностика ва жарроҳлик асбоб-ускуналари ва тупламлари билан жиҳозланди.
Биргина 2019 йил 7 сентябрдаги “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4440-сонли қарорига асосан,2019-2024 йилларда соғлиқни сақлаш тизими кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек уларнинг соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган тиббий – ижтимоий ёрдам хизматини янада яхшилаш мақсадида кейинги 5 йил учун жами 424,6 млрд сўм ва 548,0 минг евро миқдорида Давлат бюджети ва ҳомийлар маблағлари ажратилди.
Натижада, спинал мушак атрофияси, муковисцидоз, талассемия, гемофилия, тизимли бошланувчи ювенил артрит ва буллёз эпидермолиз каби касалликларга чалинган беморларга кафолатланган дори воситалари, даволаш учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тиббий буюмларни харид қилиш механизми жорий этилди.
Мукополисахаридоз I-тури, Помпе, Гоше, Фабри, Краббе ва Ниман-Пик каби ҳаёт учун хавфли ҳисобланган касалликларнинг илк босқичларида селектив скрининг амалиёти йўлга қўйилди. Ирсий ва генетик касалликлар муаммолари билан шуғулланувчи жаҳоннинг етакчи марказлари ва клиникалари иштирокида педиатр, гематолог, генетик, иммунолог, лаборатория иши йўналишларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, 200 нафардан ортиқ мутахассислар илғор давлатлар тажрибаларини ўзлаштирди.
Мазкур қарорлар ижроси доираси болалар шифохоналари ҳамда туғруқхоналар фаолияти мутлақо янги босқичга кўтарилди. Уларда соғлом авлод туғилиши ва вояга етиши учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ишлар натижасида марказда даволанаётган беморлар орасида болалар ўлими 115 нафардан 2024 йилда 50 нафарга камайди.
Бундан ташқари,
Марказ 0-18 ёшдаги аҳолига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий хизматларни кўрсатиш учун зарурий дори ва сарфлов воситалари билан 99,9 фоизга таъминланди;
Марказдаги барча компьютер техникасини қамраб олган рақамли локал тармоқ яратилиб, ягона ахборот базаси шакллантирилди;
кўрсатилган тиббий хизматларни беморлар томонидан онлайн баҳолаш, таклиф ва/ёки эътироз билдириш имкониятини берувчи Фид-бек (Feed back) ҳамда Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари билан кундалик маълумот алмашиш ва ҳисобот олиш электрон тизими – SMAT дастурлари ишга туширилди;
жорий йилда Марказ архивида қоғоз шаклда сақланиб келаётган 30 йиллик 19 мингдан ортиқ тиббий ҳужжатлар электрон шаклга ўгирилиб, беморларнинг тиббий тарихини таҳлил қилиш имконини берувчи электрон архив шакллантирилди;
2023-2024 йилларда Марказ профессорлари ҳамда юқори малакали шифокорлари томонидан республиканинг барча вилоят ва туманларига 200 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилиши натижасида 19 мингдан зиёд болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 83 фоизига ўз яшаш жойларида тиббий хизмат кўрсатилган. 2,8 мингдан ортиқ болаларга эса стационар шароитда даво чоралари кўрсатилган. Шулардан 247 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди;
ўтган давр мобайнида, Марказ мутахассисларининг ҳудудларга ташрифи давомида 2,5 мингдан ортиқ шифокорларга тренинг семинар ва маҳорат дарслари ўтказилиб, уларнинг билим ва малакалари оширилишига эришилди;
жорий йилда Марказга “ISO 7101-2023 ва ISO 9001-2015 – тиббиёт менежменти ва сифат назорати тизими” халқаро сертификатлари тақдим этилди;
педиатрия тизимида фаолият олиб борувчи 760 нафар тиббиёт ходимлари “Соғлиқни сақлашни бошқариш ва хизмат курсатиш”, “Педиатрия”, “ЛОР”, “Болалар жарроҳлиги”, “Орфан касалликлари диагностикаси ва давоси” каби ўнлаб мавзулар бўйича малака ошириш курсларида ўқитилди;
педиатрия тизимида 5 та йўналишлар бўйича жами 11 та янги диагностика ва даволаш миллий клиник баённомалар ишлаб чиқилди;
Илк бор 500 минггдан ортик чақалоқларда аудиоскрининг амалиёти, кам учровчи муковисцидоз ва тизимли бошланувчи ювенил артрит касалликларини янги даволаш ва реабилитацияси усуллари жорий этилиб, 310 нафар бемор болаларга янги даво чоралари кўрилди.
Марказ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари тарғиботлари натижасида 6 ойгача чақалоқларда истисносиз кўкрак сути билан озиқлантириш кўрсаткичи 23 фоиздан 44,7 фоизга етказишга эришилди.
Ҳурматли ватандошлар!
Жажжи болажонларимиз соғлиғини янада мустаҳкамлаш ва бу борадаги ишларимиз самарадорлигини таъминлаш мақсадида, Республика ихтисослаштирилган педиатрия маркази 2025 йилда “Соғлом бола – соғлом келажак” тамойилини шиор қилган ҳолда, қуйидаги устувор вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб белигилаб олган:
Биринчидан, келгуси йилдан бошлаб, Марказнинг ҳудудлардаги фаолияти “Марказ-вилоят-туман/шаҳар-оилавий поликлиника” шаклидаги соматик ва хирургик касалликлар профилактикасига таянган янги механизм асосида жорий этилади. Бунда, етук мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган профилактик чора-тадбирлар содда ва тушунарли қилиб, ҳам тиббиёт ходимларига ҳам аҳолига тушунтириб борилади.
Иккинчидан, 0-18 ёшли аҳоли қатлами орасида юқумли касалликларнинг юзага келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида, санитария-эпидемиология хизмати билан биргаликда бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш дастурлари бўйича аҳолига тарғибот ишлари олиб борилади.
Учинчидан, ҳар бир янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини скрининг қилиш жараёнлари 50 фоиздан (500 минг нафар) 95 фоизга қадар етказилади. Бу мақсадда ҳар бир туғруқхоналарда масъул ҳамширалар ўз иш жойларида аудиоскрининг амалиётига ўқитилади ва бу муассасаларда аудискрининг натижаларини Марказга автоматик юбориш тизими жорий этилади.
Тўртинчидан, ихтисослашган педиатрия хизматини туман даражасида кўтариш мақсадида Марказ ва унинг филиаллари 2025 йилда ҳар бир вилоятда 2 тадан (жами 28 та) туманларни намунавий шаклда тиббий хизмат кўрсатишига эришишига харакатлар олиб борилади.
Бешинчидан, Марказда ташкил этилган Миллий референс лабораторияси халқаро илмий-амалий лойиҳаларда иштирок этиши, янги турдаги диагностика, даволаш усулларини тадбик килиш максадида, ҳамда чет эл хамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида GLP – Good Laboratory Practic, GCP – Good Clinic Practic халкаро стандарт сертификация жараенидан ўтказилади.
Кейинги босқичда, вилоятлараро лабораториялар ҳам ушбу жараёнда иштирок этиб, тегишли сертификатга эга бўлади.
Олтинчидан, хориждан соҳанинг долзарб йўналишлари бўйича 18 нафар етакчи мутахассислар Марказга жалб этилади. 250 нафар мутахассислар иш жойининг ўзида, 150 нафар мутахассислар хорижда амалий кўникмалари ва касбий маҳоратини ошириш учун юборилади.
Еттинчидан, соҳага оид илм ва фанни ривожлантириш мақсадида, бугунги кундаги долзарб муаммолардан бири бўлган жигар касалликларини эрта аниқлаш, ташхислаш, даволаш ва башорат этиш борасидаги долзарб муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича 1 та амалий тадқиқотни амалга ошириш, янги амалий ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш ва танловда қатнашиш учун тақдим этилади. Педиатрия ва оториноларингология йўналишларида 2 нафар докторант ва 1 нафар мустақил-изланувчилар ўз вақтида ҳимоя қилди, 2 та докторлик (DSc) ва 7 нафари фалсафа доктори (Phd) илмий диссертациялари ҳимоя қилинади. Ихтисослик бўйича квота асосида докторантура ва клиник ординатурага мутахассислар қабул қилинади.
Саккизинчи, тиббиёт муассасаларида 0-18 ёшдаги болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари ва унинг сифатини ривожлантириш мақсадида, Германия тараққиёт банкининг (КfW) “Болаларга тиббий хизматни ривожлантириш бўйича дастури” амалга оширилади. Бу мақсадлар учун Германия тараққиёт банки (КfW) 27,0 млн евро ажратилиши тўғрисида дастлабки келишувга эришилган.
Азиз юртдошим, қадрли ота-оналар !
миллатимиз давомчилари бўлган фарзандларимиз соғлиғига энг аввало, ўзингиз хайриҳоҳ бўлинг, бугунги кунда деярли барча касалликларнинг профилактик чоралари ишлаб чиқилган, уларни эътиборсиз қолдирманг!
Доно халқимиз таъкидлаганидек, касалликни даволашдан кўра, уни олдини олиш афзалдир! Шунинг учун, шифокорлар профилактика учун, халқимиз эса ўз соғлиғини асраш ва шифокор тавсиясини бажаришга масъул бўлиши керак.
Бизнинг жамоамиз бор куч, билим ва тажрибаларимизни халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида сафарбар этишга, хар бир оиланинг дардига ўз оиламиз дарди каби, жажжи болажонлар саломатлигига эса ва фарзандларимизнинг соғлиғи каби муносабатда бўлишга масъул эканимизни доимо ёдда тутамиз.
Абдуманноп Абдукаюмов,
Республика ихтисослаштирилган
педиатрия илмий-амалий
тиббиёт маркази директори